РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

4 февраль — Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил топган кун.

Президент фармони билан 2015 йилнинг 4 февралида Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган эди.

Ўтган бу даврда соҳада улкан ишлар амалга оширилди. Биргина 2019 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, Ўтган йилда мамлакатимизда замонавий электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилди.

Соҳани ривожлантириш йўналишида чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони бугунги кунда 269 тани ташкил этиб, шундан 2019 йилда ушбу йўналишда 73 та чет эл капитали иштирокидаги корхоналар ташкил этилди.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этиб, коммутация маркази орқали 750 Гбит/с тезликда Интернет тармоғига чиқиш имконияти яратилди ва тармоқнинг юкланиш даражаси 76,6 фоизни ташкил этди.

2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 56,0 минг сўмни ташкил этди.

Интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 млн.дан ортди, шундан мобил Интернет фойдаланувчилари сони 19 млн.ни ташкил этди.

Республика бўйича 237 та объектда магистраль телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилиниб, магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 200 Гбит/с.га, туманлараро даражада эса 40 Гбит/с.га етказилди.

Шунингдек, «Оптик толали алоқа линияларини қуриш» лойиҳаси доирасида республика бўйича 10,0 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 36,6 минг км. га етказилди.

Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2 017 та мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортди ва республика аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови даражаси 96 фоизга ва мобил Интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилди.

Интернет тармоғига кенг полосали симли уланишни кенгайтиришни амалга ошириш доирасида операторлар ва провайдерлар томонидан 786 мингта порт монтаж қилинди ва умумий кенг полосали тармоққа уланиш портлари сони 1,9 млн.га яқин етказилди.

Сервис, туризм, савдо ва умумий овқатланиш объектларининг жозибадорлигини ошириш мақсадида барча диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлар, темир йўл вокзаллари, аэропорт, туристик объектлар ҳамда Тошкент метрополитенининг барча объектларида хўжалик юритувчи субъектлар, телекоммуникация оператор ва провайдерлари томонидан 685 дан ортиқ Wi-Fi тармоғи орқали Интернетга уланиш нуқталари ишга туширилди .

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда Ягона портал орқали 176 та электрон давлат хизмати тақдим этилмоқда, ушбу хизматлардан фойдаланиш учун 15,1 млн. та ариза-буюртма келиб тушган, бу давлат органлари билан ўзаро алоқада аҳолининг вақт ва молиявий харажатларини камайтиришга ёрдам берди.

Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эл инвесторлари мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси «business.gov.uz» портали ишга туширилди. Бугунги кунда ушбу портал орқали 34,7 мингта мурожаат келиб тушиб, шулардан 33,6 мингтаси кўриб чиқилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш учун, шу жумладан бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ва тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида ягона электрон тизими «project.gov.uz» жорий этилди.

Компьютер дастурлаш хизматлари билан шуғулланиб келаётган хўжалик субъектлари ва кичик тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 10 январдаги 17-сон қарори билан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу йўналишда 2019 йилда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 110 дан ортиқ дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи корхоналар ташкил этилди, 750 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди .

Истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича 15 та стартап-ташаббускорлар инкубация ва акселерация дастурларида иштирок этди.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими («saylov.gov.uz») жорий қилинди. Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда

20,5 млн. дан ортиқ фуқаролардан иборат Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиб, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан интеграция қилинди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълимни янада ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб замонавий таълимнинг кредит тизимига ўтказилди. Таълимнинг кредит тизимида ҳозирги кунда 9 609 нафар талаба таълим олмоқда. Кредит тизимига ўтиш орқали ўқув режалари жаҳон стандартларига мослаштириш учун янги фанлар билан бойитилди, талабаларга фанларни танлаш эркинлиги берилди, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга академик мобиллик тизимини йўлга қўйиш имконияти яратилди.

Университетга хорижий давлатлардан 21 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинди.

Бугунги кунда университет ва унинг ҳудудий филиалларида 57 нафар фан доктори, 251 нафар фан номзоди фаолият юритмоқда. 2019 йил давомида профессор-ўқитувчиларининг 51 нафари докторлик ишини ҳимоя қилди, халқаро илмий журналларда 111 та илмий мақолалар чоп этилди ва университет профессор-ўқитувчилари илмий салоҳияти даражаси 28 фоиздан 33 фоизга етказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети таркибида Ўзбек-Беларус қўшма ахборот технологиялари факультетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 18 январдаги 46-сон қарори қабул қилинди. Қўшма факультет учун абитуриентларга тайёрлов курслари ташкил этилди. Ушбу факультетда 2019/2020 ўқув йилида 505 нафар талаба қабул қилинди.

Шунингдек, 2019 йилда университетда Япония халқаро ҳамкорлик ташкилотининг 1,6 млн. долл. миқдоридаги техник гранти ҳисобига Ўқув медиа маркази фойдаланишга топширилди.

2019 йилда 5,2 млрд. сўмдан ортиқ миқдордаги 60 та лойиҳа амалга оширилди.

Университет 2019 йилда Европа Иттифоқининг «Erasmus+» дастури доирасида 5 та янги лойиҳада иштирок этишни бошлади. Ушбу лойиҳалар 2019-2021 йиллар давомида амалга оширилади, умумий лойиҳалар сони 10 тага етказилди. Университетнинг 2 нафар бакалавр, 22 нафар магистрант ва 9 нафар докторантлари хорижий университетларда таҳсил олмоқда.

Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида 1 558 та талаба таҳсил олмоқда. Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра 40 та энг яхши талаба грант асосида қабул қилинди. Бугунги кунда ИНҲА университетида Кореядан ва бошқа хорижий мамлакатлардан 14 нафар профессор ўқитувчи ва мутахассис, маҳаллий мутахассислардан 8 нафар профессор ва 26 нафар ўқитувчи жалб этилган.

2019 йилда университетнинг «Компьютер инжиниринг» ва «Дастурий инжиниринг» мутахассислиги бўйича 202 нафар битирувчи иккита – ИНҲА университети (Корея Республикаси) ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети дипломларига эга бўлишди. Битирувчиларнинг 177 нафари ўз йўналиши бўйича ишга жойлашган, 25 нафари Германия, Жанубий Корея, Кипр ва бошқа Европа мамлакатлари университетларнинг магистратурасига ўқишга қабул қилинган.

2019 йилда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида SAP Vision center фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу ҳамкорлик доирасида университет ва SAP компанияси ўртасида келишувга асосан талабалар ва ўқитувчилар компаниянинг «SAP University Alliance» дастури доирасидаги ўқув қўлланмалардан беғараз фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги қарори билан Тошкент шаҳрида Амити университети ташкил этилиб, 2019 йил 24 сентябрдан бошлаб университет ўз фаолиятини бошлади. Ҳозир университетда 499 нафар талаба таҳсил олмоқда. Университетга хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Талабалар алмашинуви дастури доирасида Амити университетининг Бирлашган Араб Амирликларидаги кампусига 14 нафар ҳамда Ҳиндистондаги кампусига 8 нафар талаба юборилган.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг 1200 ўринли замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди.

Ихтисослаштирилган мактабда ўқувчилар учун кенг шароитлар, синф хоналаридан ташқари дарслар ҳамда факультатив машғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилди. Мактабда ўқувчилар замонавий мобил ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи ташаббуси доирасида республика бўйича 22 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди.

Мазкур марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети томонидан 14-30 ёшдагилар учун дастурлаш асослари, компьютер графикаси, робототехника, веб ва мобил иловалар яратишга оид жами 19 та фан дастурлари ишлаб чиқилди.

Мазкур марказларда жами 3,0 минг нафар тингловчи ўқув курсларини якунлади, ҳозир 1,6 минг нафар тингловчи таҳсил олмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси бўйича 2020 йилда энг муҳим долзарб вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга 2019 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Мурожаатда мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишлари, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган долзарб масалалар ўз аксини топди.

Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда «Электрон ҳукумат» тизимини тизимли йўлга қўйилиши белгилаб олинди.

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этувчи, яъни ягона давлат сиёсатини олиб борадиган ягона давлат органини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар берилди.

Давлат бошқаруви ва рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш учун мазкур ягона давлат органи таркибида таркибий бўлинмалар ташкил этиш вазифалари берилди.

Ўзбекистон Республикасида «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга оширишни белгилаб олинди.

Бу йўналишдаги ишларни марказлашган ҳолда олиб бориш натижасида «Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларини ва давлат идораларида ахборот тизимларини жорий этиш жараёнларини оптималлаштириш ва ҳар томонлама қулай ахборот тизимларини жорий қилишга эришилади.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ҳудудини кенгайтириш ва янги инфратузилма объектлари қурилишини бошлаш мақсадида Технопарк концепцияси ишлаб чиқилиб, Технопарк ҳудудида 400 минг кв.м.дан ортиқ офис бинолари, конференц зал, коворкинг марказ, меҳмонхона ва бошка биноларни қуриш бўйича инвесторларни жойлаштириш ҳамда қурилиш ишлари амалга оширилади.

Бунинг натижасида дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи мингдан ортиқ янги корхоналар ташкил этилишига ҳамда 14 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

Ушбу йўналишда Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида 2020 йил якунига қадар Технопаркнинг ҳудудий филиалларини ташкил этилади.

Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий хамкорлар билан биргаликда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ёшлар бўлиб, уларни замонавий ахборот технологияларига кенг жалб қилиш, уларга дастурий маҳсулотлар яратиш ва аутсорсинг хизматларини кўрсатиш бўйича кўникмаларини ошириш орқали иш билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Телекоммуникация инфратузилмаси етиб бормаган аҳоли масканларини телекоммуникация хизматлари билан таъминлаш мақсадида оптик толали алоқа линиялари қурилишига алоҳида эътибор қаратиш ва чекка ҳудудларда мобил алоқа база станциялари ўрнатиш вазифаларини амалга оширишни белгилаб олинди.

Мазкур йўналишда 2020 йилда республика бўйича 12 минг км. оптик толали алоқа линиялари қуриш ва 2 200 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатидан кўриниб турибдики, ҳозирги замон тараққиётини ривожлантиришга ҳисса қўшишдек эзгу мақсад йўлида янада кўпроқ масъулият билан фаолият олиб бориш жамоамиз бурчимиздир.

Холиcона айтганда, келажак ахборот технологиялари билан чамбарчас боғлиқ экан, телекоммуникация инфратузилмасини тараққий эттириш ҳамда ахборот технологияларини ҳаётга изчил жорий этилиши ана шу мақсадга хизмат қилади.

Yaratilgan vaqt: 04.02.2020
Ko‘rishlar soni: 817