Таянч мактаби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлиги остида Халқ таълим вазирлиги, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва “UZINFOCOM” давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4851-сон қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Ушбу таълим муассасасининг тантанали очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Ж. Махсудов, Халқ таълими вазири ўринбосари Р. Каримжонов, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси директори О. Омонов, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Ураков, ҳоким ўринбосари Х. Очилов, “UZINFOCOM” давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ директори Э. Гимранов, АКТ вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиевлар иштирок этдилар.
Иштирокчилар ва меҳмонлар илм масканида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Энг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган синф хоналари, робототехника хонаси, рақамли кутубхона, фаоллар залида ўқувчиларга информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқур ўзлаштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Илм масканидаги бу каби имкониятлар ихтисослаштирилган мактабнинг самарали фаолият юритишида, ўқувчиларнинг “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасида иштирок этиб, дастурлаш йўналишида ҳам ўз билим ва иқтидорларини намойиш этишларида ҳамда ёшларни ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шунингдек, тадбир давомида иқтидорли ўқувчиларга ҳамда “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасида фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчиларга махсус сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.