ИТ-Парк АҚШда ўз ваколатхонасини рўйхатдан ўтказди

Ваколатхона ИТ-Парк резидентлари хизмати ва маҳсулотларини халқаро бозорларда илгари суриш, стартап лойиҳаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий компаниялар ва фрилансерлар томонидан тақдим этиладиган хизматларнинг аутсорсларини кўпайтириш мақсадида очилган.

ИТ-Паркнинг айнан АҚШ ҳудудида очишдан мақсад — миллий маҳсулот ва хизматларимизни АҚШ бозорига олиб чиқиш учун қулай шарт-шароитни яратишдан иборатдир. Вакиллик АҚШда юртимиз компаниялари хизмат ва маҳсулотлари оммабоплигини ошириш, реклама ишларини олиб бориш, буюртмалар топиш, ИТ-Парк резидентлари ва АҚШлик буюртмачилар ўртасидаги шартномалар имзоланишини рағбатлантиришни ўзига вазифа қилиб олган.

Бундан ташқари, вакиллик икки тараф учун кафолат вазифасини ўтайди – буюртмачи учун бажарилган иш сифати, бажарувчи учун эса, тақдим этилган хизматга яраша ҳақ тўланишини таъминлайди. Бунинг учун жаҳон стандартларига мос келувчи суғурта ва кафиллик тизимлари татбиқ этилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, бир қатор ИТ-Парк резидентлари АҚШ, Европа ва МДҲ давлатлари бозорига аллақачон мослашиб улгуришган. Шу ўринда, 2020 йил биринчи ярим йилликда резидентлар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми 6 миллион доллардан ошган.

Ваколатхонанинг яна бир ўзига хос жиҳати, АҚШ ИТ бозори билан яқиндан таниш бўлган, АҚШ ИТ сектори ва ишга алоқадор муносабатлар борасида яхши тажрибага эга бўлган, АҚШ ҳудудида истиқомат қилувчи шахс (АҚШ фуқароси ёки ҳамюртларимиз) танлов асосида вакил этиб тайинланади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ИТ-Паркнинг АҚШ даги ваколатхонаси хорижий ИТ буюртмаларни жалб қилиш йўлидаги биринчи қадам бўлади. Келгусида Австралия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва Европа Иттифоқи давлатлари каби мамлакатларда бундай ваколатхоналар очилиши режалаштирилган.

Yaratilgan vaqt: 26.08.2020
Ko‘rishlar soni: 2649