Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилиши муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтарилганини намоён этди.
ИТ-Паркга талаба ёшларнинг ташрифи ана шу учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Айни вақтдаги энг муҳим йўналиш бу - Ахборот технологиялари соҳасига етук кадрларни тайёрлаш. Чунки, дунё бўйлаб кун сайин янги ва янги технологиялар, жаҳон иқтисодиётининг рақамлаштирилуви ва бошқа кўплаб омиллар соҳа олдига юксак вазифаларни қўймоқда.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б. Олматов Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети академик лицейи ўқувчилари, ТАТУ фаол талабаларига жаҳон майдонидаги юксак технологияларга оид тенденциялар,ёшларимизнинг мустақил ва қатъий ёндашувига эга бўлиши муҳимлиги, маънавий ва жисмонан баркамол бўлиб етишишлари, замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
Давра суҳбатида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-йўналиши доирасида бу ерда қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг, талаба–ёшлар Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки - ИТ-Парк фаолияти билан яқиндан танишдилар. ИТ-Парк мутахассислари томонидан ўтган бир йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, келгусидаги юксак режалар хусусида атрофлича маълумот берилди.