АКТ тизимидаги ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилиши муҳим тарихий аҳамият касб этиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилганини кўрсатганди.

Бугун, 18 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов соҳа тизимидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшлар билан учрашди. Мулоқотда видеоконференсалоқа орқали вилоятлардаги ёшлар ҳам иштирок этишди.

Вазир сўз олиб, қатор долзарб масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, энг муҳим йўналишлардан бири ахборот технологиялари соҳасида етук кадрлар тайёрлаш эканини қайд этди. Чунки, дунё бўйлаб кун сайин янги ва янги ноу-хаулар юзага келмоқда, жаҳон иқтисодиётининг рақамлашуви ва бошқа кўплаб омиллар технологиялар соҳаси олдига юксак вазифаларни қўймоқда. Ана шу тенденцияни яхши тушунган тизим жамоаси мамлакат ёшларини жаҳон майдонида мустақил ва қатъий ёндашувига эга бўлган, маънавий ва жисмонан баркамол бўлиб етишишлари, замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 5 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактабларда нафақат энг замонавий технологиялар, балки хорижий мутахассисларни жалб қилишга ҳам устувор масала сифатида қаралади. Ушбу таълим муассасаларида ёшларга муносиб таълим бериш учун 57 нафар хорижнинг етакчи профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Бундан ташқари, талабалар алмашинув дастури доирасида 2019 йил мобайнида соҳа тизимидаги олий таълим муассасалари томонидан жами 128 нафар ёшлар Жанубий Корея, Италия, Амити университетининг Бирлашган Араб Амирликлари ва Ҳиндистон компусига бакалавр, магистратура ҳамда докторантурада ўқишга юборилган. Бу жараён анъанавий кўриниш олган.

Вазирлик томонидан камида беш йил иш стажига эга бўлган соҳа ходимларидан 100 нафарига олий таълим муассасаларига суҳбат асосида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида 2019/2020 ўқув йилида ўқишга қабул қилиниши учун тавсиянома берилди. Мазкур тавсияномаларнинг 43 фоизи соҳадаги 30 ёшгача бўлган ёш ходимлар ҳиссасига тўғри келади. Очиқ мулоқот давомида Шуҳрат Содиқов тизимда фаолият олиб бораётган ёшларнинг илмга бўлган иштиёқини кўриб, ушбу кўрсаткични 2020/2021 ўқув йилларида 60 фоизга етказишга ваъда берди.

Мулоқотда ёшларнинг ўз устида ишлаши, изланишларини қўллаб-қувватлаш, меҳнатига яраша рағбатлантириш масалалари бўйича ҳам атрофлича фикрлашилди.

Тизимидаги таълим муассасаларининг иқтидорли, ўқиш жараёни даврида юқори кўрсаткичларга эришаётган талаба ва ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлик степендияси таъсис этилган. Тадбир доирасида танлов ғолиби бўлган қатор иқтидорли талаба ёшларга сертификатлар топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи ташаббуси доирасида республика бўйича 22 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди.

Ушбу марказларда ёшларга дастурлаш асослари, компьютер графикаси, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ҳамда киберспорт йўналишлари бўйича ўқишлар олиб борилмоқда ва 3000 дан ортиқ тингловчилар тегишли кўникмаларга эга бўлишди. Шунингдек, ушбу ишлар давоми натижасида 2020 йил якунигача республикада шундай ўқув марказларини кўпайтириш режалаштирилган.

Учрашувда ёшларнинг ташуббуслари жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Тизимда ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, вазирлик тизимидаги раҳбарларга ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб белгилаб олиши бўйича тавсиялар берилди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан соҳани ривожлантиришга оид таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Вазир Шуҳрат Содиқов улар томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар юзасидан соҳадаги тегишли корхоналар раҳбарларига топшириқ берар экан, айрим иқтидорли ёшларнинг таклифларини шахсан ўзи бафуржа кўриб чиқишга тайёрлигини, лозим топилса, уларнинг амалиётга жорий қилиниши устида иш олиб борилишини қайд этди.

Ёшларнинг мақсад-муддаоларини яқиндан билиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш мақсадида ташкил этилган ушбу мулоқот салкам уч соат давом этди, видеоконференсалоқа орқали вилоятлардаги ёшлардан ҳам долзарб таклифлар билдирилди.

Yaratilgan vaqt: 18.01.2020
Ko‘rishlar soni: 701