Президент Муҳаммад ал-Хоразмий номли мактабда бўлди

Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимизда кадрлар муаммоси борлигини айтган эди. Кўп ўтмай, бу масалани таг заминидан ўрганиш ва ҳал этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида мислсиз ислоҳотлар бошланди.

Аввало, мактабгача таълим тизими ривожлантирилиб, пойдевор мустаҳкамланди. Ўқув даргоҳларига, педагогларга эътибор кучайди. Олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Бу тизимларни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича концепциялар ишлаб чиқилди.

Билимли болаларни аниқлаб, чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш, талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб шундай таълим масканларидан яна биридир.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили мазкур мактабни қуришга доир лойиҳалар билан танишган эди. Яқинда пойтахтимиз Тошкентда ушбу замонавий даргоҳ фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мазкур билим муассасасини келиб кўрди.

Мактабда кенг шароитлар, фан кабинетларидан ташқари дарслар ҳамда факультатив машғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Artel, UCell, ZTE ва Huawei компанияларининг махсус синфлари очилган

Шавкат Мирзиёев ушбу синфлар, улардаги муҳит, асбоб-ускуналар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

– Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса – сиз, ёшлар. Кўзларингдан кўриб турибман: сизлар билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишмоқчисизлар. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз, – деди Президент.

Мутасаддиларга шу каби илғор бинолар андозаси асосида мактабларнинг қурилиш лойиҳаларини ўзгартириш, методологияни мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Ал-Хоразмий бобомизга дунё ҳозиргача қойил қолади. Бугунги технологиялар, дастурий маҳсулотларга у яратган алгоритм асос бўлган. Сиз бундан фахрланишингиз, буюк аждодимиздек қунт билан ўқиб, доим изланишингиз керак, – деди давлатимиз раҳбари ёшларга.

Мактабда ўқувчилар замонавий мобил ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника ва санотехника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу билим даргоҳида Мирзо Улуғбек туманидаги IT-парк бўлинмасини ташкил этиш, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай марказлар очиб, бу соҳага қизиққан ёшларга кенг шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Ахборот-коммуникация технологияларини яхши билган бола кўчада бекор юрмайди, ўзининг иши бўлади. Ёшларимизни шундай билимли мутахассислар этиб тарбияласак, оиласига, давлатга нафи тегади, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда мактабнинг 5-11 синфларига 680 нафар ўқувчи математика ва чет тили синовлари асосида қабул қилинди. Педагогик жамоага Буюк Британия, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан ўқитувчилар жалб этилган.

Yaratilgan vaqt: 27.12.2019
Ko‘rishlar soni: 618