Ахборот технологияларидан фойдаланилиш сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим омил сифатида қаралмоқда

22 декабрь куни Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда ривожланган давлатларнинг сайлов жараёнларида замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилиши сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда асосий омил сифатида қаралмоқда.

Ўз навбатида, сайлов жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар олиб борилди. Бу борада, Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистонда сайлов жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда ислоҳ қилиш назарда тутилган бўлиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилганди.

Булардан бири Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш вазифаси эди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг янги таҳририда киритилган қатор янгиликлардан бири бу - сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидир.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг асосий вазифаларидан бири бу «бир сайловчи – бир овоз» тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдир.

Белгиланган топшириқ доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқди ва бугун бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари жараёнида қўллаш учун жорий этилди.

Мазкур тизим асосида яратилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлаши учун, барча 6 720 та сайлов округлари ва 10 260 та сайлов участкалари Интернет тармоғига уланди.

Мавжуд телекоммуникация тармоғи орқали Интернет хизматлари билан таъминлашнинг техник имкони бўлмаган олис ва тоғли ҳудудлардаги 40 га яқин сайлов объектлари йўлдошли алоқа тизими орқали Интернет тармоғига уланди.

Сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими сайлов.гов.уз манзили бўйича жойлаштирилди.

Бугунги кунда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинган бўлиб, сайлов олди, сайлов даври ва сайлов якунларида тезкор ҳамда аниқ маълумотларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини тўлақонли ишлашини таъминлаш мақсадида шакллантирилган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида сайлов ёшидаги 20,5 млн. дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролар киритилди.

Шунингдек, мазкур ахборот тизимда жами 6 720 та Олий Мажлис, вилоят ва туман (шаҳар) сайлов округлари, 10 260 та сайлов участкалари ҳамда 170 313 та участка сайлов комиссияларининг аъзолари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар жамланган.

Республика бўйича жами 35 мингдан ортиқ округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, операторлари ҳамда сиёсий партиялар аъзоларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича кўникмалари оширилди.

Операторлар томонидан ахборот тизимида ишлаш жараёнида юзага келадиган муаммоларга тезкорлик билан ёрдам бериш мақсадида узлуксиз (24 соат) ишлайдиган фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш (Cалл-cэнтер, 71 200 73 37) маркази ташкил этилди.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг кибер-таҳдидлардан ҳимоя қилишга ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилди.

Бугун бўлиб ўтаётган сайловларда синов тариқасида 20 та сайлов участкаларда фуқаролар биометрик паспорти маълумотларини идентификация қилиш қурилмалари ҳам қўлланилмоқда.

Ушбу қурилмалар Сайлов жараёни билан интеграция қилинган бўлиб, сайловчиларга қулайлик яратиш, яъни сайловчини рўйхатга олиш даврини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, синов тариқасида сайлов жараёнларини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун ҳудудларда танлаб олинган 60 та сайлов участкаларида 120 та видеокузатув камералари ўрнатилди ва сайловлар жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш имкони яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ҳам жаҳон стандартларига мувофиқ такомиллаштирилди.

Мазкур веб-сайтда сайлов бўйича барча маълумотлар жойлаштирилган. Электрон интерактив хизматлар йўлга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон сайлов жараёнига ахборот-технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар келгусида сайлов тизимини янада мукаммал шакллантиришга қўйилган биринчи қадамдир.

Yaratilgan vaqt: 22.12.2019
Ko‘rishlar soni: 919