Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти делегацияси билан учрашув

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти (КИСДИ) президенти Ким Да Хи бошчилигидаги мазкур институт делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

КИСДИ делегацияси дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопаркларини ривожлантириш бўйича тегишли консультациялар ўтказиш мақсадида Тошкент шаҳрига келди. 2019 йил давомида Корея томонидан ўтказилиши назарда тутилган консультациялар Корея Республикаси Фан ва АКТ вазирлиги техник кўмаги остида АКТни ривожлантириш дастури асосида ташкил этилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Умаров ахборот технологиялари соҳасида технопаркларни ривожлантиришнинг долзарб экани ва ушбу соҳада Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ўрганишнинг айни мавриди эканини таъкидлади.

Консультация дастури даврида КИСДИ консалтинг гуруҳи Ўзбекистондаги ахборот технологиялари инновацион паркларини ривожлантиришнинг жорий ҳолатини ўрганади, ушбу соҳада Корея тажрибаси билан таништиради ҳамда мамлакатимизда технопаркларни ривожлантириш сиёсатини амалга ошириш юзасидан тавсиялар тақдим этади.

Манба: Ахборот хизмати

Yaratilgan vaqt: 19.04.2019
Ko‘rishlar soni: 598