Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Европа Иттифоқининг Inter Pares глобал дастури ўртасида ҳамкорлик бўйича лойиҳа татбиқ этилмоқда, дея хабар қилмоқда юқори палата матбуот хизмати.
Inter Pares — Европа Иттифоқининг парламентаризмни мустаҳкамлаш бўйича глобал дастури бўлиб, Демократия ва сайловга кўмаклашиш халқаро институти (IDEA) томонидан Европа Иттифоқига ҳамкор мамлакатлар парламентларининг эксперт кўмагида амалга оширилади.
22 май куни Тошкентда мазкур лойиҳанинг расмий бошланишига бағишланган анжуман ўз ишини бошлади. Унда сенаторлар, Inter Pares глобал дастури вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, Венгрия, Словакия, Франция Германия, Кипр, Чехия, Литва каби мамлакатларнинг миллий парламентлари вакиллари ҳамда Европа Иттифоқига аъзо бир қанча давлатларнинг дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.